Йирик миқдорда тўлов эвазига Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Улардан бири танишидан АҚШга ишлашга жўнатиш учун 9000 доллар, иккинчиси эса Польшага юбориш учун 1000 доллар ва 6,3 млн сўм олган.
Тошкент вилоятида газ таъминоти бош муҳандиси (8500$), Хоразмда ДУК мутахассиси (3500$) ва Савдо-саноат палатаси бўлими ходими, Қашқадарёда тиббиёт бирлашмаси бошлиғи в.б. (1500$), Самарқандда МЧЖ мутахассиси (1100$) ҳамда божхона пости бошлиғи (200$) коррупция ва фирибгарликда гумонланиб ушланди.
ДХХ Бухорода хариталар тузиш билан шуғулланувчи МЧЖ директорини 12,5 минг доллар олганида ушлади. Шунингдек, шу иш доирасида 5000 доллар олган қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам қўлга тушди. Самарқанд, Бухоро вилоятларида суд бошқарувчилари, Жиззахда эса адвокатлик бюроси раҳбари ушланди.
ДХХга муҳим ахборот инфратузилмаси (МАИ) объектларида киберхавфсизликни таъминлашда ваколатли орган сифатида мониторинг олиб бориш, ходимларни аттестациядан ўтказиш, хорижий давлатлар тажрибаси асосида МАИ объектларининг ягона давлат реестрини шакллантириш каби вазифалар юклатилди.
26 сентябрь Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди. 1991 йил шу куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти ЎзССР КГБсини тугатиш ва МХХни тузиш тўғрисидаги қонунга имзо чеккан эди. 2018 йилда Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлангач, байрам ДХХ куни деб номланди ва 5 апрель куни нишонлана бошланди.
Давлат хавфсизлик хизмати энди ёшлар дастурларини амалга оширишда, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий муаммоларини мувофиқлаштириш ва тизимли ўрганишда иштирок этади. «Пастда ёшлар билан ишлаш тизими яратилган, лекин минг афсус, биз кутган натижа бўлмагани учун бугун мана шундай тизимни яратяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг